banner7
banner8
banner9

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармони талабларига кўра назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тўғрисидаги буюртмаларини кўриб чиқиш ва уларнинг асослилигини ўрганиш Бизнес-омбудсманга юклатилди.

 

Ушбу вазифаларнинг Бизнес-омбудсманга юклашнинг асосий мақсади, тадбиркорларнинг фаолиятида текшириш ўтказишдан манфаатдор бўлмаган орган томонидан уларнинг фаолиятида назорат қилувчи органларнинг текшириш ташаббусларини асослилигини ўрганиб, тадбиркорларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлашдан иборат.

 

Мисол учун, жорий йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлар фаолиятида текшириш ўтказиш юзасидан назорат қилувчи органлар томонидан 12 та ташаббуслар билдирилган бўлса, уларнинг 8 тасини (70 фоиз)ўтказишга рухсат берилиши рад этилди.

Нима сабабдан рад этилди?

 

Чунки Бизнес-омбудсманнинг асосий вазифаси – тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини давлат органлари томонидан риоя этилишини таъминлаш. Шунга кўра, бирор-бир тадбиркорнинг фаолиятини текширишга рухсат берилишида биринчи навбатда “тадбиркорни ҳимоя қилиш” нуқтаи назаридан ёндашилади.

 

“Молочная кухня” (“DIYOR BIZNES” МЧЖ) ва “Novopharma Plus” корхоналарини ДСЭНМ томонидан текшириш ўтказишга етарли асослар мавжуд бўлганлиги ҳамда уларнинг текшириш билан боғлиқ масала оммавий равишда аҳолининг саломатлигига таъсир этиши хавфи юқорилигини инобатга олиб, ушбу текширишларни ўтказишга рухсат берилган.

 

Бизнес-омбудсман институти ташкил этилганлигига кўп бўлмасада, ўз фаолият даврида тадбиркорларни ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятидаги маъмурий ғовларни бартараф этишга қаратилган бир қатор ишларни амалга оширган.

 

Хусусан, республиканинг барча туман ва шаҳарларида 44 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирокида ўтказилган учрашувларда кўтарилган 5 595 та муаммоли масалалардан 2 835 таси ҳал этилган.

 

Масалан, Сардоба туманидаги тадбиркор М.Холмуродовага тикувчилик фаолиятини амалга ошириш учун жой ажратилган, Олмалиқ шаҳридаги “Эко стайл” МЧЖни газ тармоғига улаб берилиши натижасида 250 дан ортиқ иш ўринга эга корхона фаолиятини бошлаган.

 

Бизнес-Омбудсман девонида ташкил этилган “Ишонч телефони” ва “Электрон мурожаат” тизимлари орқали тадбиркорлардан келиб тушган 1 914 та мурожаатлардан 677 таси ижобий ҳал этилган, 939 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 181 таси Бизнес-омбудсманнинг ваколатига кирмаганлиги сабабли тегишли ташкилотларга юборилган.

 

Масалан, хорижий сармоя иштирокидаги “Mironov and Bubnov Invest” МЧЖ томонидан ортиқча тўланган 156 млн.сўмлик солиқ суммаси қайтарилиши таъминланган.

 

Тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органларига 42 та тақдимнома, 17 та хулоса, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан 21 та огоҳнома, судларга бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун 15,8 млрд.сўмлик даъво аризалар киритилган.

 

Натижада, 35 нафар мансабдор шахсларга интизомий жазо кўрилиб, шундан 4 таси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, судлар томонидан 11,7 млрд.сўмлик даъво аризалар қаноатлантирилган.

 

Тадбиркорларга солиқ тўловларидан 14 млрд. сўм маблағларни қайтарилиши, тижорат банклари орқали 6,1 млрд.сўм кредит маблағларини олиб берилиши таъминланган.

 

Шунингдек, ҳудудларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган муаммоли масалалар асосида соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ таклифлар тайёрланган.

 

Киритилган таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор Фармон ва Қарорлари қабул қилинди.

Натижада 16 437 та шахс тадбиркорлик фаолиятини тиклаганлиги учун 541 млрд.сўмлик солиқ қарздорликлари кечилган ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини экспортидаги барча маъмурий тўсиқлар олиб ташланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармони билан Бизнес-омбудсман девони штат бирликлари кенгайтирилиб, республиканинг ҳудудларида фаолият олиб борувчи ходимлари иш фаолиятини бошлашди.

 

Эндиликда, жорий йилнинг 15 мартидан Бизнес-омбудсманнинг девони ходимлари 8 нафардан 94 нафаргача кўпайтирилди.

 

Бу, Бизнес-омбудсменга юклатилган вазифа ва функцияларнинг республика ҳудудларида таъминлашга қаратилган янгича ендашувдир.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ҳамда уларнинг мурожаатларини жойига чиқиб ўрганиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

 

Республикамизнинг ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши таъминланади.