banner7
banner8
banner9

Шеробод туманидаги “ASQAR AKRAM AKMAL” хусусий корхонаси фаолият юритаётган ер майдони туман ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилганлиги муносабати билан бузилган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Шеробод туман ҳокимининг 2017 йилдаги қарорига асосан корхонага тегишли бўлган савдо дўкони ва ошхона биносининг бир қисми бузилган ва уларнинг ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари тўлаб берилмаган.

Бизнес-омбудсман томонидан “ASQAR AKRAM AKMAL” хусусий корхонаси манфаатида Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, хусусий корхонага тегишли бўлган савдо дўкони ва ошхона биносининг бузилган қисми учун 129 655 144 сўм компенсация тўловларини жавобгар Шеробод туман ҳокимлигидан ундириш сўралган.

Таъкидлаш лозим, Фуқаролик кодексининг 206-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эхтиёжлари учун ер участкарининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш хақида”ги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 27-бандига асосан ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахслар кўрган зарар учун компенсация тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Шеробод туманлараро иқтисодий суди Бизнес-омбудсманнинг киритган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириб, туман ҳокимлиги ҳисобидан “ASQAR AKRAM AKMAL” хусусий корхонаси фойдасига 129 655 144 сўм компенсация ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлайди.

Бизнес-омбудсманнниг фаолияти давомида тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб, уларнинг бузилган мулк ҳуқуқларини тиклаш бўйича судларга даъво аризалари киритилган бўлиб, судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига жами 13,6 млрд. сўм миқдорида компенсация пулларини ундириш бўйича қарорлар қабул қилинган.

Ҳурматли тадбиркорлар, Сизнинг мулк ҳуқуқларингиз давлат органлари томонидан бузилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг ишонч телефони рақами:

(71) 239-25-92, ҳамда расмий саҳифалари: Тelegram: https://t.me/biznes_ombudsman, Instagram: @biznes_ombudsman, Facebook: @biznes_ombudsman, расмий сайт: http://www.biznesvakil.uz орқали мурожаат қилишингиз сўралади.