Nov. 23, 2022 268

Бизнес-омбудсманнинг халқаро форумдаги маърузаси (тўлиқ матн)

Жорий йил 18-22 ноябрь кунлари Польшанинг Катовице шаҳрида Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсманларнинг III-халқаро форуми ҳамда Европа кичик ва ўрта корхоналар конгресси бўлиб ўтгани тўғрисида хабар бергандик. Халқаро доирадаги анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Касимов ҳам янги ғоя ва таклифларга бой маърузаси билан онлайн иштирок этди.

 

Бизнес-омбудсманнинг III Халқаро Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсманлар ва кичик ва ўрта тадбиркорлик бўйича Европа Конгрессининг Форумидаги маърузаси


(тўлиқ матн)

 

Ассалому алайкум, ҳурматли хонимлар ва жаноблар, Форум иштирокчилари!

Авваламбор, мазкур Форумда иштирок этиш учун таклиф этган ҳамкасбим, Польша кичик ва ўрта бизнес-омбудсмани, жаноб Адам Абрамовичга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Мазкур форум иштирокчиларга тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва самарали таклифларни ишлаб чиқишга катта имкон беради.

Рухсатингиз билан тадбиркорларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон тажрибасини таништириб ўтсам.

Охирги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор институционал ва фундаментал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Биргина мисол, ушбу йўналишда 3 000 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўз вақтида қабул қилинган чоралар натижасида, хусусан, пандемия авж олган даврда, иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қолдик.

Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида 200 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди.

Солиқ турларининг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқартирилди, айрим солиқ ставкалари эса 2 баробарга камайтирилди.

Келгуси йилдан бошлаб эса қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг муаммоларини судгача ҳал этиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бизнес-омбудсман институти ташкил этилди.

Бизнес-омбудсман институти БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йилдаги резолюцияси билан тасдиқланган “Париж тамойиллари”га тўлиқ жавоб беради.

Бизнес-омбудсман фаолияти 17 та қонун, шу жумладан махсус Қонун ва 6 та кодекс билан тартибга солинади.

Хусусан, Бизнес-омбудсманнинг судлардаги ҳуқуқлари 4 та процессуал кодекс, тадбиркорларда ўтказиладиган текширувлари мувофиқлаштириш билан боғлиқ вазифалари 5 та қонун ҳужжати билан тартибга солинган.

Таъкидлашим жоиз, Бизнес-омбудсман энди таъсис этилганда унинг девонида жами 8 нафар ходим ишларди.

2019 йил март ойида эса Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Фармонлари асосида Бизнес-омбудсман институтининг тузилмаси кенгайтирилди ва унинг ходимлар сони 86 нафарга етди.

Республикамиз ҳудудларидаги тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорликни яқиндан ўрнатиш мақсадида ҳар бир вилоятда Бизнес-омбудсманнинг ходимлари фаолият юритмоқда.

Фармон билан Бизнес-омбудсман институтига қўшимча ваколат сифатида назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларини қонунчилик талабларига мувофиқлиги устидан тўлиқ назоратни амалга оширади.

Ушбу вазифани самарали амалга ошириш мақсадида “Ягона давлат назорати” ахборот тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали тадбиркорларнинг текширувлардаги ҳуқуқлари таъминлаш масофавий тарзда амалга оширилади.

Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида Президентимизнинг тадбиркорлар билан самарали мулоқот тизимини ўрнатиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳақидаги Фармонларига асосан Бизнес-омбудсман институти ходимлари 101 нафаргача оширилди.

Ушбу Фармон билан Бизнес-омбудсманга “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталини йўлга қўйиш ва тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Мазкур ахборот портали, тадбиркорлар мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш, улар ўртасида тематик онлайн сўровномалар ўтказиш ҳамда зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини қамраб олади.

Яна бир масалани таъкидлаш жоиз, Бизнес-омбудсман ва унинг ходимларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12 та моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ва судларга юбориш ваколати берилган.

Бу каби расмийлаштирилган материаллар асосида судлар томонидан охирги 5 йилда жами 3 709 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январь ойида 744-сонли Қонун билан Бизнес-омбудсман институтига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 9 та моддаси бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати белгиланди.

Бизнес-омбудсман институти тадбиркорларнинг манфаатларини иқтисодий, маъмурий ва фуқаролик судларида ҳимоя қилиш механизми мавжуд.

Процессуал қонунчилик билан Бизнес-омбудсман институтининг процессуал ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унга асосан суд жараёнининг ҳар қандай босқичида кучга кирган суд қарорлари устидан шикоят беришга ҳақли.

Яна бир йўналиш, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатувчи масалаларга доир ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тарзда Бизнес-омбудсман билан келишилиши белгиланган.

Мазкур йўналишда Бизнес-омбудсман институти томонидан жами 850 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилган бўлиб, улар бўйича 1 500 дан ортиқ таклифлар берилди.

Тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди, шу жумладан 10 та қонун ҳужжати, 11 та Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати ва 10 та Ҳукумат қарори.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорликка таъсири самарадорлигини баҳолаш натижасида соҳани ривожлантириш бўйича жами 238 та масала юзасидан таклифлар киритилди.

Биргина мисол, ҳурматли Президентимизнинг 5490-сонли Фармонларига мувофиқ, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жами 565 млрд сўмлик қарзлари ҳисобдан чиқарилиши натижасида 19 435 нафар шахснинг тадбиркорлик фаолияти тикланди.

Коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар сабаб нафақат бизда, балки бутун дунёда тадбиркорлар муаммоларга дуч келишди.

Ушбу даврда ҳам Бизнес-омбудсман институти томонидан тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш учун жами 143 та таклиф киритилган ва ушбу таклифлар Президент ҳужжатларида ўз аксини топди.

Ҳурматли Форум иштирокчилари!

Ишончим комилки, ушбу Форумнинг ўтказилиши конструктив мулоқот ва мунозаралар, шунингдек тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаб, уни янги босқичга олиб чиқишида яна бир бор туртки бўлади.

Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, бизнес муҳитни умумий қўллаб-қувватлаш мақсадида, тадбиркорлар ўртасида юзага келадиган муаммоларни келишув йўли билан ечиш механизмлари бўйича ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишимизни таклиф этаман.

Барчамизга маълум, Бизнес-омбудсман одатда давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларда чора кўриш ваколатига эга.

Бироқ, кўп ҳолатларда тадбиркорлар ўртасидаги низолар суд органларида ҳам йиллар давомида баҳслашишга сабаб бўлмоқда ва бизнеснинг ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, мазкур муносабатларни ҳам алтернатив усуллар, хусусан, медиация йўли билан ҳал қилиш орқали тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш муҳим деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, биз бугунги Форумда иштирок этаётган барча Бизнес-омбудсманлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.

Aзиз хонимлар ва жаноблар!

Форум ишидаги фаолиятингизга улкан муваффақиятлар тилаб, яна бир бор азиз дўстим жаноб Адам Абрамовичга ўз миннатдорлигимни билдириб ўтаман!

Эътиборингиз учун ташаккур!

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

Any economic progress depends on the development of private ownership, entrepreneurship and private sector.