Ҳурматли тадбиркорлар, мурожаатингизни қуйидагиларнинг бири орқали юборинг:


         Қуйидаги манзилга почта орқали:

100015, Тошкент ш., Нукус кўчаси, 73В-уй (собиқ Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг биноси);

         Электрон почта орқали: info@biznesvakil.uz;

         Ижтимоий тармоқлар орқали: https://www.facebook.com/biznes.ombudsman/


  

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектларининг шикоятларини ва бошқа мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларни, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, оилага, меҳнатга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга тааллуқли шикоятлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг кўриб чиқиш доирасига кирмайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил судларнинг, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, тергов, суриштирув ва жазони ижро этиш органларининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқмайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шикоятларни кўриб чиқаётганда ўз ваколатлари доирасида:

масалани унинг моҳиятига кўра ҳал қилиши;

арз қилувчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиши;

шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориши;

арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириши;

сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам кўриши мумкин.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга шикоят берган шахс, шунингдек Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан ўзига ахборот тўплаш ва уни таҳлил этиш ёки эксперт баҳоси бериш вазифаси топширилган шахсларнинг бундай ҳаракатлар учун таъқиб қилиниши ёки ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номига тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинаётган, айбланаётган ёки ҳукм қилинган ва қамоқда сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида турган вакиллари томонидан юборилган шикоятлар, шунингдек маъмурий қамоққа олинган ҳамда махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг шикоятлари улар сақланаётган жойларнинг маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига дарҳол етказиб берилади.

Давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мурожаатига ёзма шаклда жавоб юбориши, шунингдек сўралаётган маълумотларни, ҳужжатларни ва материалларни тегишли мурожаат қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан ошмаган муддатда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тақдим этиши шарт.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мурожаатига жавоб мурожаат бевосита қайси давлат органи раҳбарига йўлланган бўлса, ўша давлат органи раҳбарининг ёки унинг ўринбосарининг имзоси билан юборилади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлик субъектларининг бошқа мурожаатларини кўриб чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

 Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш шартлари

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тикланиши мумкин.

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят юридик шахс томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Электрон шаклда берилган шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар унга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение