Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари


Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:



  • тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
  • давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;
  • тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш амалга оширилаётганда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини мувофиқлаштиришни ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш;
  • тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш;
  • қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсири самарадорлигини баҳолаш;
  • тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.




Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳуқуқлари


Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:



  • тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг давлат органлари томонидан оғишмай ижро этилишини ўрганиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширувларини ўтказишнинг қонунийлиги мониторингини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш фактларининг олдини олиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар киритиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда огоҳлантиришлар эълон қилиш;
  • қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар, даъволар ва шикоятлар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлардан ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материалларни, хулосаларни ва бошқа ахборотни сўраш ҳамда олиш;
  • давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиш;
  • зарур бўлган ҳолларда, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органларининг, илмий муассасаларнинг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб этиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
  • тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинаётган, айбланаётган ва ҳукм қилинган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашиш учун қамоқда сақлаш жойларига, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш;
  • маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.