5-Aprel, 2021-yil 268

Ҳокимликнинг қонун талабларига зид равишда қабул қилган қарори суд томонидан бекор қилинди

Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи “Xulkar” МЧЖга ажратилган ер майдони туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний равишда олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Пахтаобод туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан Избоскан туманидаги Даволаш маскани ташкил қилиш учун 1.0 га ер майдонида жойлашган собиқ “Учкўза болалар оромгоҳи” бино ва иншоотлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Xulkar” МЧЖга ажратиб берилган. Аммо, Пахтаобод туман ҳокимлигининг 2020 йил 5 ноябрь кунидаги 738-қ-сонли қарори билан тадбиркорга ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинган. Таъкидлаш жоизки, мазкур бино-иншоотда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва архитектура-режалаштириш топшириғига асосан қурилиш ишлари бошланган ва тадбиркор томонидан ҳозирги кунга қадар 450 000 000 сўм сарфланганлиги аниқланди.

“Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг 59-моддасига асосан манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади. Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тассаруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимояланиши лозим.

Бироқ, Пахтаобод туман ҳокимлиги қонун ҳужжатларига зид равишда жамиятга қарашли ер майдонини, унинг ҳуқуқларини бузган ҳолда тўғридан-тўғри суд қарорисиз ва тадбиркорнинг розилигисиз давлат заҳирасига олиб қўйилган. Аниқланган қонунбузилишларга асосан, Бизнес-омбудсман томонидан Пахтаобод туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Андижон туманлараро маъмурий судига шикоят билан мурожаат қилинди.

Натижада, суд қарори билан Пахтаобод туман ҳокимининг 2020 йил қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.