27-May, 2021-yil 268

Ёшларни қўллаган тадбиркорларни ҳукумат ҳам қўллайди

2020 йилнинг август ойида ёшлар орасидаги ишсизликни камайтириш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш янги механизми, яъни “Ёшлар дафтарлари” жорий этилди. Ушбу дафтарларга республиканинг барча ҳудуд ва туманларидаги ишсиз ёшлар киритилиб, уларга индивидуал равишда ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу йигит-қизларни иш билан таъминлашга ва уларни “Ёшлар дафтарлари”дан чиқаришга асосий урғу берилмоқда.

Хусусан, 2021 йилга мўлжалланган дастур доирасида, “Ёшлар дафтарлари” га киритилган фуқароларга зарур бўлган асбоб-ускуна ва менат қуролларини ҳарид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 13 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган барча вазифалар эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида акс эттирилди.

Жумладан, ёшларни тадбиркорлар томонидан ишга жалб қилинишини рағбатлантириш мақсадида, 1 майдан бошлаб, 25 ёшдан ошмаган ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизни ташкил этганлигини ҳисобга олсак, ҳар ой қайтариладиган сумма тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини сезиларли даражада камайтиради.

Шу билан бирга, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ундан ташқари, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади.

Ўз навбатида, ёшларни ўзига ҳам имтиёзлар белгиланди. Хусусан, 1 июндан бошлаб, профессионал таълим ташкилотлари томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган талабаларга корхоналарда амалиёт ўтаган даврида 500 минг сўмгача ҳар ойлик субсидия ажратилади. Ундан ташқари, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Ўз тадбиркорлик ташаббусларини йўлга қўйишни режалаштирган ёшлар ҳам рағбатлантирилмоқда. Жумладан, ўз бизнесини бошлаш доирасида ижарага бино олаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши белгиланди.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.