30-Iyun, 2021-yil 268

Тадбиркорга нисбатан ноқонуний далолатнома расмийлаштириш текширувчига 2,5 млн сўмга тушадиган бўлди

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида ноқонуний текширишлар қулай бизнес муҳитига дахл қилувчи асосий омиллардан биридир.

Шу сабабли, Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан шундай ҳуқуқбузарликлар юзасидан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси С.Ч. томонидан жорий йил 10 февралда “Боғишамол” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолиятида ўрганиш ўтказилиб, тегишли  далолатнома расмийлаштирилган.

Мазкур ўрганиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига рўйхатга олинмаган ҳамда айрим текшириш тартибига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт эканлиги, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.

Юқоридагиларга мувофиқ жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг қарори билан етакчи муҳандис С.Ч.га нисбатан 2 450 000 сўм жарима жазоси қўлланилиши белгиланди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.