2-Noyabr, 2021-yil 268

Ҳокимлик собиқ мансабдорларининг ноқонуний ҳаракатлари "қимматга" тушадиган бўлди

Хусусий мулк дахлсизлиги ҳудудда инвестицион жозибадорликни белгиловчи асосий омиллардан ҳисобланади.

Шу сабабли, мулк дахлсизлигини таъминлаш, унга етказилган зарарни қоплаш чораларини кўриш ваколатли давлат органларининг кўриш энг устувор вазифалардан бири бўлиши лозим.

Қарши шаҳрида фаолият юритувчи “Табассум” хусусий корхонаси (номи ўзгартирилган) Бизнес-омбудсманга мурожаат қилиб, хусусий мулкни бузилиши натижасида етказилган зарарни ундиришда амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, 2018 йилда Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ф. ва унинг ўринбосари бевосита кўрсатмаси асосида У. А. томонидан тегишли огоҳлантиришларсиз ва зарар ўрни қопланмаган ҳолда “Табассум” хусусий корхонасига тегишли кўчмас мулк бузилган.

Кўчмас мулкка етказилган зарар миқдори 1 221 967 800 сўмни ташкил этиши Х. Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан аниқланди.

Фуқаролик кодексининг 206-моддаси талабига кўра олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.

Ҳолат юзасидан хусусий корхона манфаатида Қарши шаҳар ҳокимлигидан компенсация тўловини ундириш бўйича судга даъво ариза киритилди. Қарши туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Қарши шаҳар ҳокимлигидан “Табассум” хусусий корхонаси фойдасига 1 221 967 800 сўм компенсация тўловини ундириш белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.