12-Yanvar, 2022-yil 268

Нотўғри маълумотнома тадбиркорга салкам 1,5 миллиард сўмга тушиши мумкин эди

Бизнес-омбудсман девонида Қашқадарё вилояти, Нишон туманида фаолият юритувчи “Болажон” НТМнинг (номи ўзгартирилган) кредит шартномасини ўзгартиришга амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Мактабгача таълим вазирлиги ва “Болажон” НТМ ўртасида нодавлат таълим муассасаси биносини қуриш учун давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида битим имзоланган. Қурилиш ишларини амалга ошириш учун “Болажон” НТМга “Агробанк” АТБ Нишон филиали томонидан 15 йилга кредит ажратилди.

“Болажон” НТМ туман маъмурий марказида жойлашмаган бўлсада, Давлат кадастрлари палатаси Нишон туман филиалининг маълумотномасида нотўғри маълумот кўрсатилган ва натижада кредит йиллик 8% ставка бўйича ажратилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ – 4581-сон қарорининг 3-банди талабига кўра битимлар бўйича кредитлар туманлар марказида жойлашмаган бошқа ҳудудларида — 7 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича берилади.

Кейинчалик, НТМнинг манзили юзасидан маълумот тўғриланганлигига қармасадан, шартномада кредит фоизи ўзгаришсиз қолдирилди.

Таъкидлаш лозимки, нотўғри маълумотнома асосида тузилган кредит шартномасида белгиланган фоиз ставкаси бўйича “Болажон” НТМ 15 йил муддатда жами қарийб 1,5 миллиард сўм ортиқча маблағ тўлаши лозим эди.

Бизнес-омбудсманнинг аралашувидан сўнг кредит шартномаси амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиб, кредит ставкаси 8 фоиздан 5 фоизгача туширилди.         

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.