18-Yanvar, 2022-yil 268

Тадбиркорга берилиши рад этилган кўчмас мулкга алоқадор ҳужжатни расмийлаштириш мажбурияти юклатилди

Бизнес-омбудсман девонида Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида фаолият юритувчи “Келажак” хусусий корхонаси (номи ўзгартирилган) кўчмас мулкнинг давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, хусусий корхона умумий майдони 3,37 гектар савдо мажмуаси деярли 2 миллиард 780 миллион сўмга аукцион савдосидан сотиб олган.

Корхона мазкур кўчмас мулкка кадастр паспортини расмийлаштириш учун ариза билан мурожаат қилган, аммо ариза Давлат кадастрлари палатаси Ғузор туман филиали томонидан асоссиз рад қилинган.

Мазкур мурожаатни Бизнес-омбудсман девонида ўрганиш жараёнида, Корхонага нисбатан кадастр идораси томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибга зид равишда ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланган.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсманнинг Қарши туманлараро маъмурий судига тадбиркор манфаатида киритилган аризаси натижасида Давлат кадастрлари палатаси Ғузор тумани филиалига тегишли кадастр паспортни расмийлаштириб бериш мажбурияти юклатилди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.