21-Yanvar, 2022-yil 268

Фермер хўжаликларига ер участкаларини олиб қўйиш оқибатида етказилган зарар қопланади

Бизнес-омбудсманнинг 2 та фермер хўжалиги манфаатида Булунғур тумани ҳокимлигига нисбатан ер участкаларни олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни ундириш ҳақида киритилган даъво аризалари суд томонидан қаноатлантирилди. 

Хусусан, туман ҳокимининг қарорларига асосан фермер хўжаликларига жами 14,4 га ер майдони узоқ муддатли ижарага берилган. Бироқ, кейинчалик ҳокимлик томонидан фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман заҳира ерлари ихтиёрига қайтариб олинган бўлиб, етказилган зарар тўлаб берилмаган.  

Таъкидлаш жоизки, фермер хўжаликлари боғдорчилик фаолиятига иҳтисослашган бўлиб, фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман заҳира ерлари ихтиёрига қайтарилиб олиниши натижасида ер майдонида мавжуд бўлган 2056 туп мевали дарахтлар ва 1120 туп токзори бузиб ташланган. 

Бизнес-омбудсманнинг Жомбой туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризалари натижасида Булунғур тумани ҳокимлиги ҳисобидан фермер хўжаликлари фойдасига 378 миллион сўмлик маблағларни етказилган зарар учун компенсация сифатида ундирилиши ҳақида суднинг қарори қабул қилинди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.