24-Aprel, 2020-yil 268

Бизнес-омбудсман барча назорат қилувчи органларга тадбиркорлар фаолиятида текширувларни ўтказмасликни тавсия қилди.

Бугунги кунда коронавирус инфекциясининг 215 дан ортиқ мамлакатларда тарқалиши, ушбу касаллик билан дунё бўйлаб 2.5 миллиондан ортиқ инсонлар касалланиб, улардан 184 мингдан ортиғъи оламдан ўтганлиги ушбу инфекциянинг инсоният хаёти учун ўта хавфлилигини кўрсатмоқда.

Шу қаторда, ушбу инфекция тарқалиши фақатгина инсоният хаётига таҳдид солмай, балки дунё иқтисодиёти ва ишбилармонлик муҳитига ҳам катта талофатлар олиб келмоқда. 

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам коронавирус пандемияси ва у билан курашиш даври тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун салбий оқибатларга олиб келган бўлиб, хусусан, мамлакатимизда сўнгги 5 йил ичида ҳар йили 1 чорак давомида 100 мингдан кўпроқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб келинган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 76.2 мингтани ташкил қилди, 2020 йилнинг 1 чорагида чакана савдо товар айланмаси таркибида овқатланиш ташкилотларининг савдо айланмаси 2019 йилга нисбатан 4,3 фоизга камайиши кузатилди ва кўплаб тадбиркорлик субъектлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлишди.

Ушбу ҳолатлар мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир кўрсатаётганини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва шу даврда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва пандемия оқибатларини тадбиркорлик фаолиятига таъсирини юмшатиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонларига мувофиқ тадбиркорларга бир қатор имтиёз ва преференциялар берилди, шу жумладан, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди (жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно).

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилиниши, қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилиши ва бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмаслиги лозимлиги белгиланди.

Шунга кўра, ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларини шундай қийин ҳолатларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман назорат қилувчи органларга тадбиркорлар фаолиятида текширувларни амалга оширмасликка чақириб қолади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.