29-May, 2022-yil 268

Ноқонуний ундирилган 687 миллион сўм тадбиркорга қайтарилди

Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи “Huaxin Cement Jizzakh” МЧЖ ХК Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекциясининг ҳаракатидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Жамият томонидан бошқа тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузилган. Аммо, Жамиятнинг фаолиятида амалга оширилган камерал солиқ текшируви натижасида ушбу шартномалар кўзбўямачилик учун тузилганлиги важ қилиниб, солиқ инспекцияси томонидан Жамият ҳисобидан қонун-ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 687 миллион сўм ундирилган. 

Маълумот учун: Солиқ кодексининг 14-моддасига кўра, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, битим қалбакилиги (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса — солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Ушбу ҳолат юзасидан, Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, натижада Жамият ҳисобрақамидан ечиб олинган маблағлар қайтарилиши белгиланди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.