30-Iyul, 2020-yil 268

Давлат органи тадбиркор билан лицензия шартномасини бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эгами?

Бугунги кунда COVID-19 пандемияси бутун дунёдаги ишбилармон муҳити учун ҳақиқий синовга айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. 20 апрель куни ҳолатига кўра 198 969та ёки 80% тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тўхтатди, ярим миллиондан ортиқ киши ишсиз қолган. Пандемия сабабли 13 мигнта умумий овқатланиш корхоналари, 45 мингта савдо, 19 мингта хизмат кўрсатиш, 7 мингта транспорт соҳасидаги корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди ёки даромадини йўқотди. 

Ҳукумат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни максимал даражага кўтариш учун барча чоралар кўрилмоқда, аммо баъзи давлат идлораларининг хатти-харакатлари туфайли мураккаб вазият янада қийинлашмоқда. 

Масалан, “KRASNOGORSK STONE” МЧЖ норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан шуғулланади. 

Корхона қонун талабларига риоя этган ҳолда 2017 йилда берилган лицензия асосида ўз фаолиятини ошириб келган эди. Бироқ, Давлат геология қўмитасининг ходимлари  корхона томонидан ер участкасини ишлатишда қонунбузарликлар мавжудлигини важ қилиб корхонанинг лицензиясини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишган. Қўмитанинг ходимлари Ш. Сагдуллаев ва А. Хаққулов томонидан “KRASNOGORSK STONE” МЧЖнинг фаолиятида текширув ташкил этилган бўлиб, юқоридаги қоидабузарликлар аниқланган. Ер қари участкасидан фойдаланиш шартларининг бажарилишини ўрганиш бўйича маълумотнома тузилиб, унда жамиятнинг лицензиясини муддатидан олдин бекор қилиш таклиф этилган.

Юқорида айтиб этилган масъулларга кўра, тадбиркор ер участкасидан фойдаланиш талабларини бузган, лицензия шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаган, шунингдек, 2018-2019 йиллар учун ҳисоботларни тақдим этмаган. 

Давлат геология қўмитаси томонидан назорат қандай амалга оширилади?

Ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларда белгиланган шартларга, ер қаърини геологик ўрганиш бўйича ишларни лойиҳалаштириш соҳасидаги меъёрлар ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш Давлат геология қўмитасинининг асосий вазифаларидан бири деб белгиланган. Шу билан бирга, текширилаётган тадбиркорлик субъектлар ўз фаолиятида ўтказилаётган текширувлар тўғрисида маълумотга эга бўлиш, шунингдек, мансабдор шахслардан назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, текшириш учун асос бўлган бошқа хужжатларни талаб қилиш, масъул ходимларнинг шахсларини тасдиқловчи хужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга. 

Шунингдек, назорат қилувчи органлар томонидан текширилаётган тадбиркорлик субъектларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиши лозим. 

“KRASNOGORSK STONE” МЧЖнинг фаолиятидаги текширув назорат қилувчи орган томонидан тадбиркор жойига чиқилмасдан масофавий равишда хужжатлар ва маълумотларни тўплаш орқали амалга оширилганлиги сабабли тадбиркорга текширув тўғрисида хабар берилмаган. 

Тадбиркор лицензиясини бекор килинганлиги ҳақида билмаслиги мумкинми?

Шуниси эътиборга лойиқки, тадбиркор унга тегишли лицензиясининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан бир ой ўтгач хабар қилинган ва ушбу ҳолат албатта Давлат геология қўмитасининг хатти-харакатларининг қонунийлиги борасида шубҳалантиради. 

Юқоридаги ҳолатдай, шартнома бир томонлама бекор қилинган тақдирда, одатда бу ҳақда иккинчи тарафни хабардор қилиш шарт ва бунда хабарномани юбориш муддати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай қилиб, лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади.  Куриниб турибдики, юқоридаги назорат қилувчи орган томонидан ушбу процессуал расмиятчилик бузилган. 

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тугатишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Қонунга асосан, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорини юридик шахс тугатилганда қабул қилиши мумкин. Бошқа ҳолатларда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш фақат суд қарорига биноан амалга оширилади ёки қонунда белгиланган ҳолатлар натижасида бекор қилинган деб ҳисобланади. Ушбу банд корхона ва Давлат геология қўмитаси ўртасидаги лицензия шартномасида ҳам белгиланган. 

 “KRASNOGORSK STONE” МЧЖнинг вакиллари томонидан Бизнес-омбудсманга мурожаат юборилди. Тадбиркорнинг лицензиясини тиклаш мақсадида, Бизнес-омбудсман Давлат геология қўмитаси раиси номига тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома киритилди. Бироқ, Давлат геология қўмитаси томонидан ушбу тақдимнома асоссиз равишда қаноатлантирилмаган ва натижада Вакил тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддасидаги талаблар қўпол равишда бузилган.

Натижада, Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент шаҳар Миробод туман маъмурий судига Давлат геология қўмитаси ишчи гурухининг қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво ариза киритилди.

Қарорни қабул қилишда суд Давлат геология қўмитаси ходимлари томонидан тадбиркорга маъмурий хужжатни қабул қилиш учун аҳамитяга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрларини билдириш имкониятини бермаганлиги ҳисобга олинди. Шу билан бирга, назорат қилувчи орган томонидан маъмурий тартиб-таомиллари ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланиш таъминланмаган, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина тадбиркорга ҳуқуқларини чеклаш ҳолатлари мавжуд эди. 

Юқоридагиларга кўра, суд Бизнес-омбудсманнинг даъвосини тўлиқ қаноатлантирди ва Давлат Геология қўмитасинининг харакатларини ноқонуний деб топиб, қўмитанинг 7-сонли ёиғилиш баёнининг 3-иловаси 41-банди ҳақиқий эмас деб топилди. 

Хулоса

Тадбиркорликнинг ривожланиши ва давлатнинг иқтисодий ўсишнинг ўзаро боғлиқлиги тушунарли: тадбиркорлар инновацион ғояларни жорий этади ва янги иш ўринларини ўсишига сабаб бўлади. 

Аммо карантин чекловлари шароитида иқтисодиётнинг етакчиси бўлиб қолиш ва даромад олиш жуда мураккабдир. Тадбиркор доимий равишда бундай қонунсизлик ва адолатсизликка дуч келса тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча қизиқиш ва истакни йўқотади. Мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаб, бюджетга катта ҳисса қўшадиган тадбиркорлардир. Шунинг учун, ушбу қийин даврда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга тўсқинлик яратмаслик зарур. 


Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.