30-Oktabr, 2020-yil 268

Бизнес-омбудсман 2019 йил мобайнидаги фаолиятининг асосий йўналиши бўйича бажарилган ишлар хусусида маълумот.

Мурожаатлар таҳлили

Ўтган йили ташкилотимизга тадбиркорлардан жами 3 202 та мурожаат келиб тушди. 2 706 та шикоятда кўтарилган масалалар  саъй-ҳаракатларимиз туфайли ечимини топганини алоҳида қайд этиш керак. Ўрганишларимиз тадбиркорларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани хусусида муайян хулосалар чиқариш имконини берди. Мурожаатларнинг 33 фоизида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари), 12,3 фоизида ер ажратиш, 12 фоизида назорат қилувчи органлар ва 10 фоизида банклар фаолияти, 7 фоизида солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатлари, 6,3 фоизида суд қарорлари ва уларнинг ижроси билан боғлиқ, шунингдек, қолган 19,4 фоизида бошқа турли йўналишдаги  масалалар баён этилган. Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 134 та тақдимнома, 11 та хулоса, 66 та огоҳнома ва 138 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилган. Таъсир чоралари натижасида мансабдор шахсларнинг 203 нафари интизомий, 114 нафари маъмурий  жавобгарликка тортилди, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ноқонуний қабул қилинган 211 та қарор бекор қилинди.

Шунингдек, судларга  тадбиркорлар манфаати  ифодаланган 76 та 22,6 млрд. сўмлик даъво аризалари, назорат қилувчи органлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризалар киритилди. 21 млрд. сўмга тенг даъво аризалари хусусий сектор вакиллари фойдасига ҳал этилди, 18 та ноқонуний қарор ҳақиқий эмас деб топилди. Қолган аризалар ҳам тегишли ташкилотлар томонидан  кўриб чиқиляпти.

 

Технологияларни ишлатиш бўйича ёрдам

Ишбилармонларни ташвишлантираётган турли муаммолар орасида хорижий технологик линияларни ўрнатиш, ишлатиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам бор. Президентимиз ташаббуси билан Бизнес-омбудсман раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлар тадбиркорлар билан учрашиб, технологик ускуна ва дастгоҳларни ишга туширишда уларга кўмаклашяпти. 2016-2019 йилларда импорт қилинган технологик ускуналардан фойдаланиш ҳолати жойларга чиқилиб, ўрганилди ва 453 та тадбиркорлик субъектида хориждан келтирилган дастгоҳларни ишга тушириш борасида муаммолар борлиги аниқланди. 420 корхонада шу йўналишдаги қийинчиликлар бартараф қилинди. Қолган субъектларда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб бориляпти.

Эътиборлиси, 2019 йилнинг 1 августидан буён мамлкатимиздаги 2 минг 52 та тадбиркорлик субъекти томонидан 315 млн. доллар қийматидаги технологик ускуналар импорт қилинган. 1 минг 317 та ишбилармоннинг технологик ускунаси ишга туширилди ва 25 255 та янги иш ўрни яратилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур корхоналарнинг йиллик ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) ҳажми 3,7 трлн. сўмни, жумладан, экспорт ҳажми 187 млн. долларни ташкил этади.

 

Текширувлар қонунийлигини таъминлаш

Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5690-сонли Фармонига кўра ўтган йилнинг 1 апрелидан эътиборан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш ва уларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Бизнес-омбудсманга юклатилди. Шу ҳақда сўз юритар эканмиз, аввало, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 январдаги “2017 — 2021 йилларда ўзбекистон республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5308-сонли Фармонига асосан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинганини таъкидлаш жоиз. Бунинг шарофати билан тадбиркорларнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ишлари мутлақо ўтказилмади, тадбиркорлик субъектларида фақат келишиш ва хабардор этиш тартибидаги текширишлар амалга оширилди.

2019 йилнинг 1 апрелидан текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими тўлиқ ишга туширилди.

Ўтган йили назорат қилувчи органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида жами 1 248 та хусусий корхонада текширув ўтказиш бўйича буюртмалар келиб тушган. Улардан 719 таси (58 фоизи) келишилган ва 529 таси (42 фоизи) текширув ўтказиш учун етарли асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилди.

2019 йил 1 апрелдан бошлаб Вакил девони тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан доимий назорат ўрнатди.

Бизнес-омбудсман томонидан “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 39 та назорат идораси билан келишилди ва қабул қилиниши учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шу билан бирга “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, барча манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига тақдим этилди.

Бундан ташқари, Вакил девони ходимлари томонидан 16 та назорат қилувчи органнинг тадбиркорлар фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга 7 минг 614 та мансабдор шахси аттестациядан ўтказилди ва уларга махсус гувоҳномалар берилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш, текширишларнинг қонуний ўтказилишини таъминлаш мақсадида бизнес-омбудсман томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида назорат қилувчи органларнинг текширишлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари учун махсус ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш

Фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг сонини камайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Бизнес-омбудсман ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан жойларда учрашувлар ташкил қилиб, улар фаолиятини тиклаш чораларини кўрмоқда.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 761 минг 248 та  тадбиркор (437 минг 194 та юридик шахс ва 324 минг 54 та якка тартибдаги тадбиркор) рўйхатга олинган. Бизнес-омбудсман манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишини тўхтатган 47 минг 304 та тадбиркор фаолиятини тиклашга эришди.

Шунингдек, ўтган йили ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, иши юришмаган ва фаолиятини тўхтатган ишбилармонларнинг билимини ошириш мақсадида Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва ҳокимликлар билан биргаликда Андижон, Наманган ва Тошкент вилояти туманларида бир қанча семинар-тренинглар ўтказилди. Мазкур тадбирларда иқтисодчи олимлар, тажрибали, салмоқдор муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ҳам қатнашгани эътиборга молик.  

 

Қонун-ҳужжатларини такомиллаштириш

Бизнес-омбудсман ва унинг ҳудудлардаги ходимлари  республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар билан учрашувлар уюштирдилар. Юзма-юз мулоқотларда сурункали тус олган талай муаммолар, хусусан, бюрократик ғовларни йўқ қилишга доир таклифлар, тавсиялар қизғин муҳокама қилинди. Шу сингари тадбирларда ишбилармонлик соҳасига тааллуқли 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг юридик-техник, иқтисодий ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш жиҳатидан мақсадга мувофиқлиги бўйича 300 дан зиёд таклиф олинди. Қабул қилинган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ана шу таклифлар ўз аксини топганини қайд этиш лозим. Биргина мисол: хусусий сектор вакиллари хоҳиш-истаклари асосида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Улар асосида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 7 июндаги “Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва 2019 йил 23 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Халқаро ҳамкорлик

Бизнес-омбудсман xорижий мамлакатлардаги тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи тузилмалар, xалқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг миллий ҳокимият органлари ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган бошқа институтлар вакиллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида этибор қаратяпти. Xусусан, Қозоғистон, Россия ва Грузия бизнес-омбудсманлари билан ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган. Шу каби келишувлар тадбиркорларимиз дуч келаётган кўпгина қийинчиликлар, жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда учраётган муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради.

Ўтган йили Буюк Британия, Корея, Россия, Япония элчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган 15 дан ортиқ индивидуал учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Конрад Аденауер фонди, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилди.

Пировардида шуни айтишни истардикки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга масъул ташкилотлар кўп. Бироқ бизнес-омбудсманнинг ўзига хос вазифалари ва ваколатлари бор. Вакил институти иқтисодиётимиз “локомотиви” бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида ўз салоҳиятидан янада самаралироқ фойдаланишга интилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.