30-Oktabr, 2020-yil 268

Бизнес-омбудсман томонидан январь-сентябрь ойлари давомида амалга оширилган ишлар юзасидан М А Ъ Л У М О Т


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.


I. Амалга оширилган ишлар

1. Тадбиркорлардан тушган 3 718 та мурожаатларнинг 1 311 таси ижобий ҳал қилинди, 2 027 та аризага ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 256 таси тегишли ташкилотларга юборилди.

2. Соҳадаги аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича давлат органларига 193 та тақдимнома, 105 та огоҳлантириш, 37 та хулоса, тадбиркорлар манфаатида судларга  47,2 млрд. сўмлик 120 та даъво аризалар  ва  кучга кирган қарорлар юзасидан 16 та шикоят аризалар киритилган, 498 мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган. 

Натижада 336 мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 37,8 миллиард сўмлик даъво аризалар қаноатлантирилди, 381 манбсабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ва 14,8 миллиард сўм тадбиркорларнинг ҳисобига қайтарилди. Қолган аризалар кўриб чиқиш жараёнида.


3. 18 та назорат орган томонидан тадбиркорлар фаолиятини текшириш учун 1 338 та буюртма киритилган бўлиб, шулардан 918 таси (69%) келишилган, қолган 420 таси (31%) текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тартибини бузган 148 та назорат органларининг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, назорат органлари томонидан текшириш ўтказиш тартиби бузганлик ва тадбиркорлик субъектларига асоссиз жазо чораларини қўллаганлик натижасида киритлиган 44 та тақдимнома асосида 190 мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Натижада 190 мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 2,9 миллиард сўмлик 150 та ноқонуний қарор бекор қилинди.

4. Фарғона вилоятида “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” концепциясини тадбиркорлар учраётган энг муаммоли 4 та йўналиши бўйича ишлар амалга оширилди.

Тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун “E-auksion” тизимига 960 та (илгари 210 та) ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди ва уч ой мобайнида ер майдонларининг савдога чиқарилиши ўтган беш ойга нисбатан 4,5 баробарга ошди.

Аукцион орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 269 та (илгари 37 та) ер майдонлари сотилди ва уч ой мобайнида ўтган беш ойга нисбатан 7,5 баробарга ошди.

Натижада, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ҳудудларда 235,8 млрд сўмлик инвестиция киритилиши ва 1 591 нафар янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

Республика миқиёсида ер участкаларини келишиш тартибини бузганлик ҳолатлари бўйича давлат органларига 24 та (15 та маъмурий, 8 та тақдимнома, 1 та огоҳнома) таъсир чоралари киритилиши натижасида бўш ер участкаларини аукцион савдоларига қўйишда муддатларни бузиш ҳолатлари мутлақ бартараф этилди.

Натижада икки ойда “E-auksion” тизимига 8 268 та (илгари 6 854 та) ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди ва ўтган етти ойга нисбатан ер майдонларини сотувга чиқарилиши 120 фоизга ошди.

Шунингдек, республика миқиёсида аукцион орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 3 016 та (илгари 2 149 та) ер майдонлари сотилди ва бир ой мобайнида ўтган етти ярим ойга нисбатан 140 фоизга ошди.

Натижада, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун республика ҳудудларида 1,7 трлн сўмлик инвестиция киритилиши ва 18 мингга яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

Шу билан бирга, Фарғона вилоятида бўш турган ва аукцион савдоларига чиқарилмаган 27 та давлат мулк объектларини савдога чиқарилди ва вилоятда савдога чиқарилмаган давлат мулк объектлари қолмади.

Савдога чиқарилган жами 117 та давлат мулк объектларидан тадбиркорларга 50 таси 13 млрд сўм инвестиция киритиш ва 317 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан 12 млрд сўмга сотилиши ҳамда 230 млн сўмга 50 та давлат объектларини ижарага берилиши таъминланди.

Республика миқиёсида бўш турган ва самарали фойдаланилмаган 109 та давлат мулк объектларини аукцион савдолари орқали сотиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб этиш юзасидан 29 та таъсир чоралари киритилиши натижасида 90 тасини аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.

5. Импорт қилинган технологик ускуналарни ишга туширишгача бўлган барча жараёнларини ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар билан ўтказилган мониторинглар натижасида 808 нафар тадбиркор томонидан 222 млн долларлик 1 630 та импорт қилинган технологик ускуналардан, 548 нафарининг 90 млн долларлик 1 170 та технологик ускунаси ишга туширилган ва 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Қолганларини ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

6. Вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 132 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизадан ўтказилди ва улар бўйича 221 та таклифлар киритилди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президент Фармонлари билан коронавирус пандемияси даврида белгиланган енгилликларнинг амалдаги ижроси мониторинг қилиниб, қўлланилган таъсир чоралар ва амалий ёрдамлар натижасида 1 166 нафар тадбиркорга 61,9 млрд сўмлик имтиёз ва преференциялар қўлланилиши ҳамда 443 нафарига 453,2 млрд сўмлик кредит муддати узайтирилиши таъминланди.

8. Бизнес-омбудсманга бириктирилган 7 та ҳудуднинг “қониқарсиз” деб баҳоланган 18 та туманидан 11 тасининг (Нукус, Тахиатош, Шуманой, Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Ҳонқа, Шовот, Балиқчи, Жалақудуқ, Марҳамат) тадбиркорлари билан учрашилиб, 205 та кўтарилган муаммолардан 37 таси жойида ҳал этилди, қолганларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, 18 та туманнинг барчасида ер ажратиш, кадастрлаш, инфратузилма объектларига уланиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва бошқа соҳаларда тизимли муаммолар аниқланиб, муҳокама учун Халқ депутатлари Кенгашларига киритилди ва бугунгача 15 тасида кўриб чиқилиб, муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

II. Амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар

1. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини тўлиқ кодификация қилиниши, тадбиркорларнинг эркинлигини таъминлайдиган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароит ва кафолатларни кучайтиришга қаратилган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

2. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш принциплари, асослари ва тизимли тартибини белгиловчи “Тадбиркорлик фаолияти қонунийлиги кафолатлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш;

3. Тадбиркорликни давлат назорати функцияларини жамоатчилик назоратига ўтказиш орқали сонини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

4. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорларга текширув ўтказиш ҳақида “СМС хабар” юбориш хизматини ишга тушириш.

5. Импорт қилинган технологик ускуналарни ишга туширгунгача бўлган жараённи мониторинг қилиш бўйича Бизнес-омбудсман бошчилигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ишларни давом эттириш.

6. Давлат ва назорат органларида тадбиркорлик фаолиятини эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши доимий ўрганиб бориш.

7. “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” концепциясини республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этиш чораларини кўриш.

8. Жанубий Корея, Польша, Украина ва Қирғизистон республикалари тадбиркорларни ҳимоя қилишга ваколатли органлари билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни ўрнатиш.

9. Конрад Аденауэр Германия ҳалқаро Фонди билан ҳамкорликда республика ёшлари ва аёлларини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг даромадини кўпайтириш лойиҳасини амалга ошириш.

10. Европа Кенгашини Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бюроси билан ҳамкорликда “Шаффофликни ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш” лойиҳасини амалга ошириш.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.