15-Yanvar, 2021-yil 268

“Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси Бизнес-Омбудсман томонидан ишлаб чиқилиб, ID27864 рақами билан regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун жойлаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан тадбиркорлик фаолиятини давлат назорати ҳолати таҳлил қилинди.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш соҳаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Мазкур Қонун 1998 йилда қабул қилинган ва бизнесни давлат назоратининг замонавий талабларига жавоб бермайди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
27 июлдаги ПФ–5490-сон ва 2019 йил 15 мартдаги ПФ–5690-сон Фармонлари билан тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтирилди ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказилишини ташаббус қилиш ва амалга оширишнинг замонавий механизмлари жорий этилган.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилиши жорий этилди.

Шунингдек, режали ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

Бироқ, 1998 йилда қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун эскирганлиги сабабли, замонавий талабларга жавоб берадиган ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат назоратининг замонавий усулларини назарда тутадиган тўғридан-тўғри таъсир кучига эга янги қонунни қабул қилишга зарурати вужудга келмоқда.

 

III. Қонун лойиҳасининг мазмуни

Қонун лойиҳаси 5 боб ва 43 моддани ўз ичига олади.

Қонун лойиҳасининг мақсади – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш принциплари, асослари ва тартибини тизимли белгилаш.

Қонун лойиҳаси қуйидаги асосий масалаларни назарда тутади:

1) профилактик тадбирлар, мониторинг, Статистика ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш ва текширувларни ўтказиш орқали давлат назоратини амалга оширилишининг аниқ механизмлари белгиланмоқда;

2) профилактик тадбирларни назорат қилувчи органлар томонидан ҳар чоракда тасдиқланадиган манзилли дастурлар асосида ҳуқуқий тарғибот ўтказиш йўли билан амалга ошириш жорий этилмоқда.

3) давлат назоратини мувофиқлаштиришнинг замонавий механизми жорий этилмоқда:

– барча текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга қўйилиши шарт;

– рўйхатга қўйиш текширув ўтказишни текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишиш ёки текширув ўтказиш тўғрисида уни хабардор қилиш орқали амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ваколатли орган сифатида белгиланган.

– қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва уларнинг таркибий тузилмаларининг маълумотлари, ОАВ ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган алоҳида текширувлар ваколатли органни хабардор қилган ҳолда ўтказилади;

Ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги Фармони билан тасдиқланган.

4) текширувларни ўтказиш муддатлари белгиланмоқда:

– молия-хўжалик фаолияти текширувлари – 30 кунгача;

– келишиш орқали ўтказиладиган бошқа текширувлар – 10 кунгача;

– хабардор этиш орқали ўтказиладиган текширувлар – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан;

5) назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текширувда иштирок этишни рад этишига олиб келувчи асослар белгиланмоқда:

тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси, акционери, аъзоси бўлиш;

тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси, акционери, аъзоси ёки мансабдор шахсининг яқин қариндоши бўлиш;

текширув бошланиш кунига қадар 3 йил ичида тадбиркорлик субъектида мансабдор шахс сифатида фаолият юритиш;

текширув натижаларидан бевосита ёки билвосита манфаатдорлик келтириб чиқарадиган бошқа ҳолатлар мавжудлиги;

6) Қонун лойиҳасининг иловаси билан назорат қилувчи органлар ва уларнинг назорат функцияларининг қатъий рўйхати белгиланмоқда ва қуйидагиларни назарда тутувчи тартиблар ўрнатилмоқда:

а) рўйхатда келтирилмаган орган ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат тадбирларини ўтказиш тақиқланади;

б) рўйхатда назарда тутилмаган орган ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилиши тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш сифатида баҳоланади.

7) текширув иштирокчилари ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда:

а) тадбиркорлар:

ҳуқуқлар – Ягона тизим орқали текширув қонунийлиги тўғрисида маълумот олиш, текширувни мониторинг қилиш учун Савдо-саноат палатаси вакилларини таклиф этиш, текширув жараёнини фото-, аудио- ва видеотехника воситалари ёрдамида қайд қилиш ва ҳ.к.;

мажбуриятлар – текширув предметига оид маълумотларни бериш, текширувчи мансабдор шахсларнинг текширув объектларига киришини таъминлаш ва ҳ.к;

б) текширувчи мансабдор шахслар:

ҳуқуқлар – тадбиркорлардан текширув предметига оид маълумотларни талаб қилиш, текширув жараёнини фото-, аудио- ва видеотехника воситалари орқали қайд этиш, заруратга қараб экспертларни жалб этиш ва экспертиза тайинлаш ва ҳ.к.

мажбуриятлар – тадбиркорларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини ёзма равишда тушунтириш, тадбиркорларнинг фаолият юритишига, мониторинг қилиш учун Савдо-саноат палатаси вакиллари таклиф этилишига тўсқинлик қилмаслик ва ҳ.к.;

8) биринчи марта текширув натижаларини амалга ошириш механизми, яъни текширув материаллари ва натижаларининг назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тадбиркор иштирокида асосли қарор қабул қилиш учун кўриб чиқилиши белгиланмоқда;

9) текширувдан кейинги таҳлилни ўтказиш механизми, яъни текширув натижасидаги маълумотлар асосида тадбиркорларнинг тизимли равишда содир этаётган ҳуқуқбузарликларининг сабабларини аниқлаш, шунингдек уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тартиби жорий этилмоқда.

10) назорат қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизми йўлга қўйилмоқда:

а) баҳолаш ваколатли орган томонидан қуйидагилар асосида ўтказилади:

– ташкил этилаётган текширувларнинг асослилиги ва қонунийлиги;

–назорат қилувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан текширув давомида қонун ҳужжатларига риоя этилиши;

–назорат қилувчи органлар томонидан текширув натижалари бўйича қабул қилинган қарорларнинг асослилиги ва қонунийлиги;

б) ҳуқуқбузарликлар ва кўрилган чоралар сони, давлат фойдасига ундирилган мол-мулк асосида баҳолашга йўл қўйилмайди.

Лойиҳа соҳага доир илғор хорижий тажрибадан кенг фойдаланган ҳолда тайёрланди (АҚШ, Германия, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Чехия, Россия ва ҳ.к.).

IV. Кутилаётган натижалар

Ушбу Қонун лоийҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтиради ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашувларини чеклайди.

V. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳаражатлари

Ушбу Қонун лойиҳасини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча ҳаражатларни талаб этмайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.