18-Yanvar, 2021-yil 268

Фермернинг ҳуқуқларини бузган ҳокимлик 10 млн. сўмдан ортиқ давлат божи тўлайдиган бўлди

Бизнес-омбудсманга Чироқчи туманида фаолият юритувчи “Илғор” фермер хўжалиги (фермер хўжалигининг номи ўзгартирилган) давлат органларининг қарорларидан норози бўлиб мурожаат қилди.


Маълум бўлишича, Чироқчи туман ҳокимининг 2020 йил 8 апрелдаги қарори билан “Илғор” фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномаси бир тарафлама бекор қилинган.


Мазкур ҳолат юзасидан фермер хўжалигининг мурожаатлари ҳокимлик мутасаддилари томонидан ижобий қаноатлантирилмаганлиги сабабли, “Илғор” фермер хўжалиги туман ҳокими қарори юзасидан туман маъмурий судига мурожаат қилган.


Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.


Шунга қарамасдан, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси қарорлари билан “Илғор” фермер хўжалигининг туман ҳокимининг 2020 йил 8 апрелдаги HQ-712/04-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси рад қилинган.


Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан фермер хўжалиги манфаатида 2020 йил 23 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 16 декабрдаги қарори билан Чироқчи туман ҳокимининг фермер хўжалиги манфаатида зид тарзда чиқарилган қарори ҳақиқий эмас деб топилди.


Шунингдек, суднинг ҳал қилув қарори билан Чироқчи туман ҳокимлигидан 12 842 770 сўм давлат божи, “Илғор” фермер хўжалиги фойдасига 572 840 сўм суд харажатларини ундириш белгиланди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.