19-Yanvar, 2021-yil 268

Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент шаҳрида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пандемия даврида тадбиркорларнинг муҳим роли борасида Президент томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида қайд этилган. Таъкидлангандек, “Саҳоват ва кўмак” миллий ҳаракатида қатнашиш орқали аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашда тадбиркорларнинг қўшган улкан ҳиссаси мамлакат иқтисодиётининг фаолиятига катта кўмак бўлди.


Пандемиянинг ишбилармон муҳитига ва бошқа иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини инобатга олган ҳолда бугунги кунда барча ҳаракатлар мамлакат иқтисодиётини тиклашга қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Администрациянинг 1-сонли Баёнига асосан Тошкент шаҳрида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор тадбирларни амалга ошириш мақсадида махсус йўл харитаси тасдиқланди.


Мазкур чораларни дастлабки босқичида ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳларнинг асосий мақсади-Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани ва ҳар бир маҳҳаласидаги тадбиркорлар фаолияти билан танишиш ва уларга кўмаклашишдир.

Ишчи гуруҳнинг тадбиркорлар билан биринчи учрашуви 2021 йилнинг 18 январь куни Учтепа туманининг Пахтакор МФЙда бўлиб ўтди. Учрашувда 50 га яқин тадбиркорлик субъектлари йиғилиб, ўзининг барча қизиқтирган саволларини беришди. Шу билан бирга тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинди ва уларнинг тезкор ижроси назоратга олинди.

Таъкидлаш жоизки, учрашувда янги ишлаб чиқилган “1+1” концепциясининг мазмун-моҳияти ҳам ёритилди. Мазкур концепция тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирган, аммо тажриба ва имкониятга эга бўлмаган ёшлар учун мўлжалланган.


Концепция доирасида ушбу ёшлар маҳалла орқали тажрибали тадбиркорлар билан ишлашга ва бизнес юритиш бўйича керакли билимларни олиш имкониятига эга бўлишади.

Ундан ташқари, йиғилиш доирасида ишчи гуруҳ бир нечта тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди. Хусусан, Учтепа тумани Фарход деҳқон бозорининг автотураргоҳи ўрнида “Euro Auto” МЧЖ томонидан замонавий кўнгил очар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳамда кўп қаватли автотураргоҳ биноларини қуриш лойиҳасининг амалга ошириш жараёни билан танишилди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1 000 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.

Ундан ташқари, Standard Poligraf Service МЧЖ ва “Asia Kandi” МЧЖнинг вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувларда, ёшларни иш ўринлари билан таъминлаш, уларнинг тадбикрорлик ташаббусларини аниқлаш муҳокама қилинди. Шу билан бирга, бугунги кунда юқоридаги тадбиркорларнинг фаолиятида 80 га яқин вакансиялар мавжудлиги таъкидланди.

Кейинги босқичларда аҳолининг турли қатламларини тадбиркорликка фаол жалб қилиш, ёшларни тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш ва натижада янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар, шунингдек, бўш турган ер участкалари ва объектларидан оқилона фойдаланишга, янги технопарк ва саноат зоналарини яратиш лойиҳаларини амалга оширишга ва шунга мос равишда рақобат муҳитини яратишга қаратилган. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбусман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.