3-Avgust, 2020-yil

Тадбиркорнинг масаласига беэътибор қараган ҳоким ўринбосари жазоланди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларида Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг қонуний талабларини муайян муддатларда кўриб чиқиш белгиланган. 

Шунга қарамасдан бу борада тегишли қонун бузилиш ҳолатларини содир этаётган мансабдор шахслар ҳам учрамоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида фаолият юритувчи «Аму наслли чорва» номли фермер хўжалиги раҳбари чорвачиликни риовжлантириш учун ер майдони ажратилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан фермер хўжалигига тегишли амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 5 май куни Амударё туман ҳокимлигига сўров хати юборилган. Сўров хатини ижро қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Садуллаевга йўналтирилган.

Сўров хатида мурожаат юзасидан тегишли маълумотлар жорий йилнинг
11 май кунига қадар тақдим қилиниши кўрсатилган бўлсада, Ф.Садуллаев томонидан сўров хати беэътибор қолдирилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга унинг фаолиятида кўмаклашиши, у томонидан сўралаётган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт.

Юқоридаги қонун бузилиш ҳолати юзасидан ҳоким ўринбосари Ф.Садуллаевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.

Амударё туман маъмурий суд қарори билан ҳоким ўринбосарига жарима жазоси тайинланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение